Энергияни тежаш ва тикланадиган энергия манбалари – барқарор ривожланиш асоси
+998 (90) 955-53-14
/ Биогаз қурилмаси

Биогаз қурилмаси

Биогаз қурилмаси 14.02.2017

Биогаз – Қадимги Хитойда қўлланилган, таъбир жоиз бўлса «унутилган» энергия манбаларидан бири. Ҳозирги вақтда у «қайта кашф этилди» ва бошқа тикланадиган энергия манбалари орасидан ўрин эгаллади.

Биогаз органик моддалар ҳаво киритмасдан (анаэроб) ачитилганда вужудга келади. Табиатда биогаз кислородга йўл ёпиқ бўлган ҳамма жойда – ботқоқлар ва балчиқзорларда, шунингдек меъда йўлида овқат ҳазм қилиш вақтида вужудга келади. Агар органик материал ҳаво кирмасдан тўпланса, метанни боғлайдиган бактериялар таъсир кўрсатганда, биологик жараён бошланади ва натижада биогаз ҳосил бўлади. Мазкур жараёндан чорвадорлик фермаларида, ахлатни қайта ишлайдиган заводларда, оқава сувларни тозалаш корхоналарида чиқиндиларни қайта ишлаш учун фойдаланилади.

Қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини биогаз қурилмаларида қайта ишлаш хўжаликларни биогаз билан таъминлаши, ундан ҳар қандай маиший газ асбобларида ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун мотор ёнилғи сифатида фойдаланилиши мумкин. Биогаз ошхона плиталарида, овқат тайёрлаш учун ишлатилиши мумкин ва у табиий газга қараганда тозароқ ёнади (қурум ҳосил қилмайди). Биогаз қурилмасидан газогенератор билан бирга фойдаланиш орқали электроэнергия олиш ва уни шу жумладан ёритиш учун ишлатиш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш харажатлари таркибига назар ташласак, минерал ўғитлар, ўсимликларни муҳофаза қилиш воситалари, ёнилғи-сурков ашёлари, электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашга кўп миқдорда маблағлар йўналтирилишини кўрамиз.

Иқтисодиётнинг аграр секторида бозор ислоҳотларини самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган асосий омиллар орасида минерал ўғитлар ва энергия билан ишончли ва тўлақонли таъминлаш муаммолари ҳам бор. Аграр сектор ҳозирги ҳолатининг таҳлили ерга ишлов бериш кимёвий-технологик тизимидан органик тизимига ўтиш, шунингдек қишлоқ хўжалик хом ашёсини берк технологик циклларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш асосида чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган янги технологияларни, шу жумладан биогаз технологияларини жорий этишни рағбатлантириш лозим, деган хулоса чиқариш имконини беради.

Қишлоқ хўжалиги амалиётида минерал ўғитлар ўрнига табиий ўғитлардан фойдаланиш қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишни таъминлайди, технологик эҳтиёжлар учун энергия сарфини 3–10 баравар камайтиради, тупроқ унумдорлигини тиклайди, экологик соф маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, биогаз технологияларини қўллаш айни вақтда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик соф маҳсулот олиш, уни ишлаб чиқариш таннархини сезиларли даражада пасайтириш масалаларини ҳал этади.

Биогаз технологиясидан фойдаланиш қуйидагилар учун имконият яратади:

  • чиқиндиларни ва уларда юз берадиган жараёнларни ташқи муҳитдан ажратиш ҳисобига экологик вазиятни яхшилаш, хавфсиз пировард маҳсулотлар олиш, шунингдек чиқиндиларни улар ҳосил бўладиган жойда қайта ишлаш;
  • органик чиқиндиларнинг энергия борасидаги имкониятларини газ қозонхоналари, электр-иссиқлик агрегатларида ёқиш учун яроқли бўлган биогаз кўринишида рўёбга чиқариш, ундан ички ёнув двигателларида мотор ёнилғиси ва маҳсулотлар консерванти сифатида фойдаланиш;
  • патоген микрофлора, гельминт тухумлари ва бегона ўтларнинг яшовчан уруғларидан холи бўлган ноёб табиий ўғитни фосфор ва азотнинг ўсимликлар осон ўзлаштирадиган шаклларга ўтиши ҳисобига саноат миқёсида қисқа муддат (10–15 сутка) ичида олиш;
  • экологик соф табиий деҳқончиликни ривожлантириш;
  • печь ёнилғиси ёки электр токи сотиб олиш, ўғитлар ва гербицидлар харид қилиш учун сарфланадиган пул маблағларини тежаш;
  • ортиқча газни қўшниларга сотиш ҳисобига қўшимча пул ишлаб топиш, олинган биоўғитдан фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш имкониятига эга бўлиш.

Биогаз технологиялари қўлланилганда гўнг ва бошқа табиий чиқиндиларнинг тўлиқ утиллашиши ва зарарсизланиши юз беради. Ҳайвонлар паразит қурт-гельминтлар келтириб чиқарадиган касалликларга кам йўлиқади. Одатда ҳайвонлар гельминтлар билан уларнинг ташқи муҳитга ҳайвонлар ахлати билан бирга чиқадиган тухум-личинкаларини ютиш орқали зарарланади. Шу сабабли гўнгдан фойдаланишдан олдин уларни қириб ташлаш улкан санитария-профилактика аҳамиятини касб этади (айниқса ем-хашак етиштириш учун мўлжалланган яйловлар ва далаларда).

Биогаз қурилмасининг тури ва бутланиши чиқадиган чорвачилик чиқиндиларининг бир суткалик миқдорига, жой рельефига, фермер хўжалигининг газга бўлган эҳтиёжларига боғлиқ. Биогаз қурилмаси комплектига биореактор, газгольдер, суюқ гўнг тайёрлаш тизими, юклаш тизими, иситиш тизими ва хом ашёни биореакторда аралаштириш тизими, шунингдек иккита бетон резервуар (хом ашёни тайёрлаш учун ва биоўғитни тўкиш учун) киради.

Қайта ишлаш жараёни схемаси: бир суткада йиғилган гўнг хом ашё тайёрлаш учун резервуарга солинади, хом ашёни тайёрлаш тизимида гўнг керакли консистенцияга етказилади ва сўнг юклаш тизими ёрдамида биореакторга жойланади, айни вақтда биореактордан қайта ишланган хом ашё, яъни биоўғит шу миқдорда тўкилади. Биогаз яхши чиқиши учун анаэроб ачитиш жараёнида хом ашё биореакторда иситилади ва аралаштирилади, ишлаб чиқарилаётган биогазнинг бир қисмидан иситиш ва учун аралаштириш учун фойдаланилади. Газгольдер – бу ёз ва қиш мавсумида биогаз истеъмолини бараварлаш учун зарур сиғим.


Кизикаяпсизми?
Ўзаро алоқа шаклини тўлдиринг ва бизнинг мутахассислар тез орада Сиз билан алоқага чиқишади.